Қонун Конституциявий суд раиси ҳақида нима дейди?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Конституциявий суд раиси Бахтиёр Мирбобоев лавозимини қонунни бузган ҳолда эгаллаб тургани тўғрисидаги мақоласи тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Сиёсатшунос ўз мақоласида 2017 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 6-моддасини асос қилиб, унга кўра Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни ташкил этсада, Бахтиёр Мирбобоев 75 ёшга тўлганлигини кўрсатган.

Бундан ташқари қонунда ушбу суд раислигига икки мартадан ортиқ сайланиш мумкин эмаслиги белгиланган бўлишига қарамасдан Бахтиёр Мирбобоев 5 марта сайланганлигини қонун бузилиши сифатида баҳоланган.

Ушбу мақолада келтирилган фактларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов раддия берди. У эътиборни баъзи жиҳатларга қаратган.

Биринчидан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 6-моддасида Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этиши белгиланган.

“Оддий сўзлар билан айтганда етмиш ёшгача бўлган ва ундан ошган фуқаро Конституциявий суднинг судьяси бўлиши мумкин. Қонунларда “қоида тариқасида” сўзларининг қўлланилиши бу императив характерга эга эмаслигини англатади ва қонунлар матнларини баён этишда қўлланиладиган қонунчилик техникаси шаклларидан биридир”, дейди Полвонов.

Иккинчидан, муқаддам Бахтиёр Мирбобоев конституциявий суд таркибига олдин амалда бўлган қонун асосида сайланган бўлиб, унда 5 йиллик муддат белгиланган, бироқ қайта сайланиш миқдори белгиланмаган эди. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.

“Шу тариқа “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 6-моддасининг талаблари 2017 йил 1 июндан кейин сайланган Конституциявий суд судьяларига нисбатан татбиқ этилади. 1995 – 2017 йиллар давомида 5 йиллик муддатга сайланган Конституциявий суд судьяларига нисбатан 2017 йилдаги қонун билан ўрнатилган тақиқлар қўлланилиши тўғри бўлмайди”, дея фикрини изоҳлаган депутат.

Янги қонун қабул қилингандан кейин Бахтиёр Мирбобоев Конституциявий суд судьяси этиб 2017 йил 24 августда сайланган ва унинг ваколат муддати 2022 йил 24 августда тугайди. 

Депутатнинг сўзларига кўра, ушбу муддат тугагандан сўнг Бахтиёр Мирбобоев иккинчи беш йиллик муддатга Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланишига нисбатан амалдаги қонунда тақиқ мавжуд эмас.

“Шундай қилиб, Конституциявий суднинг амалдаги Раиси қонунга зид равишда беш марта Конституциявий суд судьяси этиб сайланганлиги тўғрисидаги фикрлар асоссиз бўлиб, қонунга тўғри келмайди”, дейди Полвонов.

Депутатнинг мақоласида халқаро тажрибадан ҳам қатор мисоллар келтирилган. Масалан, Россия Федерациясида Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати чекланмаган, судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши эса - етмиш ёш. Бироқ, бу талаб Конституциявий суд раисига нисбатан тадбиқ этилмайди ва амалдаги Конституциявий суд раиси Зорькин Валерий Дмитриевич бугунги кунда 77 ёшга тўлган. Қўпчилик судьяларнинг ёши эса 66 ёшдан юқори.

Шунингдек, Францияда Конституциявий суд раиси сифатида 74 ёшни қаршилаган Лоран Фабиус фаолият юритиб келмоқда, унинг ваколат муддати эса 2025 йилгача этиб белгиланган. Австрияда суднинг барча аъзолари, жумладан раиси ва ўринбосари истеъфо ёшига еткунга қадар умрбод сайланадилар, Норвегия ва Мальтада суд раиси умрбод сайланади.

Полвонов мақола муаллифи “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланиши ёки сайланиши тўғрисидаги нормалар киритилганлигидан хабардор бўлишса керак, урғулаб ўтган.

“Умуман олганда 2017 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун мутлақ янги ва энг демократик ҳалқаро стандартларга мос келадиган Конституциявий суднинг шаклланиши ва фаолиятининг асосларини белгилаб берди”, деган Шуҳрат Полвонов.

Қайд этилишича, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари эса Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади. Оддий қилиб айтганда раис ким бўлиши судьяларнинг ўзлари томонидан ҳал қилинади.
2017 йилдаги ислоҳотларга қадар Конституциявий суд раисининг номзоди Президент томонидан тақдим этилар эди.

“Юқоридагилар билан бир қаторда, Конституциявий суднинг ваколатлари янада кенгайтирилган, шунингдек мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати устидан назорат олиб бориши учун бир қатор демократик механизмлар жорий этилган”, дея сўзини якунлаган депутат Шуҳрат Полвонов.

Маълумот учун, сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг иддаоларига ҳозиргача Конституциявий суднинг ўзи ҳеч қандай тепки бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституциявий суд

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг