Қоидабузарларга қатъий чора кўрилади – ИИВ карантин бўйича аҳолини жиддий огоҳлантирди
Жамият
−
18 Апрель 2021
9859Аввалроқ 18 апрелдан Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилинишининг назорати янада кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов карантин қоидаларини бузган фуқароларга қатъий чоралар кўрилишини маълум қилиб, махсус баёнот берди.
“Биз хотиржамликка берилиб, ўз соғлигимиз ҳақида ўйлаш нақадар муҳимлиги ҳақида ўйламай қўйдик. Касалланиш ҳолатларининг ошиши, биринчи навбатда оддий эҳтиёт чораларига риоя этмаслик, яъни тиббий ниқобдан фойдаланмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик оқибатида юз бермоқда. Шу муносабат билан республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Республикамизда жорий йилнинг 18 апрел кунидан бошлаб карантин қоидалари кучайтирилади. Яъни, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларининг назорати кучайтирилади ва қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.
Жамоат транспортлари 50 фоиз сиғимида йўловчилар ташийди ва ушбу мақсадда транспорт воситалари сони оширилади. Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик белгиланади. Умумий овқатланиш шохобчаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади. Ифторлик маросимларини оила аъзолари даврасида ўтказиш тавсия қилинади.
Барча давлат органлари ва ташкилотлар йиғилиш ва мажлислар ўтказишни кескин қисқартиради ҳамда асосий ишга таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб ташкил этиш чораларини кўради. Анжуманлар ва бошқа тадбирлар имкониятга кўра, асосан онлайн режимда, масофавий тарзда ўтказилади.
Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олиниб, онлайн дарсга ўтилади. Уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан қатъий назорат ўрнатилади.
Ҳурматли фуқаролар, шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланаётган эдилар. Бундан буён қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 18 апрелдан Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилинишининг назорати янада кучайтирилди.
Унга кўра, боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланса, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхташиш ва 2 ҳафтага карантинга олиш белгиланди. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибида фаолият юритади.
Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, жумладан, қўлларни антицептик воситалари билан зарарсизлантириш, одамларнинг тиббий ниқоб тақиши, ижтимоий масофа сақлаши қатъий назорат қилинади.
Айни Рамазон ойида таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
1 майдан бошлаб, концерт томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказиш каби қатор чекловлар белгиланди.
LiveБарчаси