Қодирий асос солган бир асрлик журналнинг фаолияти тўхтатилди
Жамият
−
06 Март
9011Кўплаб ижодкорларнинг адабиётга қадам қўйишида восита бўлиб хизмат қилган, улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий томонидан ташкил этилиб, 1923 йил 18 февралда илк сони чоп этилган "Муштум" журнали иқтисодий қийинчиликлар сабаб номаълум муддатга нашр этилиши тўхтатилди. Бу ҳақда журналнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилинди.
“Цензура” ва иқтисодий инқироз сабаб бир неча йиллар давомида чоп этилмай келган журнал аввал 2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб яна нашр этила бошлаган ва ойда бир марта чоп этилиши белгиланганди.
Жадидлар, уларнинг ҳаракатига бағишлаб давлат миқёсида катта тадбирлар амалга оширилаётганда, кинофильмлар суратга олиниб, китоблар ёзилганда, “Жадид” номли журнал ҳам шахсан Президент ташаббуси билан ташкил қилинган бир вақтда ўзбек романчилигига тамал тоши қўйган Абдулла Қодирий меросининг бу аҳволга тушиб қолиши жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.
“Бир думалаб дунёга келган ҳар хил қаланғи-қасанғи айрим журналлар йўлини топиб, тирикчилигини қиляпти. Аммо биз улуғлайдиган жадидларимиз асос солган “Муштум” журнали эса иқтисодий қийинчиликлардан чиқа олмаяпти. Шу сабаб фаолиятини тўхтатиш даражасигача келди”, дейилади Таълим ва ёшлар масалалари бўйича фаолият олиб борувчи “Масофатаълим” каналида.
Шоир ва таржимон Аъзам Обид журналнинг фаолиятини тўхтатгани ҳақида муносабат билдирар экан, у ерда ишлаб келган рассом ва муҳаррирлар билан яқин бўлгани, бу ҳолатдан ранжиганини ва журналнинг ёпилиши ортида иқтисодий сабаблардан ташқари кўринмас кучларнинг босими ҳам бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, ҳеч бўлмаса журнал онлайн шаклда юритилиши керак эди.
“Муштум”нинг чиқиб тургани албатта яхши эди, мисол учун журналнинг Telegram ижтимоий тармоғидаги обуначиси бир йилда 7 мингдан 20 мингга ошган. Албатта фойдали маълумотлар улашгани учун одамлар обуна бўлиб, қизиқиш билдириб келаётган эди. Журналга ҳам обуна бўлган эдим ва мунтазам кузатиб борардим.
Аммо тан олиш керакки Ўзбекистонда босма нашрларнинг фаолиятини давом эттириши осон эмас, давлат нашрлари бемалол бюджетдан ўзини қоплай олади, бироқ “Муштум” ундай эмас эди. Журнал бир неча йилдан буён “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясидан ажралиб чиқиб, мустақил нашр сифатида фаолият юритиб келаётганди. Табиийки ходимларга ойлик бериш керак, кўнгилли сифатида бу ишни бажариш қийин. Журнал шу вақтгача ҳеч ким кўтармаган, дангал мавзуларни олиб чиққан. Айнан карикатура билан ишлайдиган ёки жамиятдаги муаммоларни юмор тариқасида юзага чиқарган журналнинг ёпилиб кетиши бу – жамиятимиз учун жудаям оғриқли ҳолдир. Агар жадидлардан мерос қолган, танқидий масалаларни ёритиб келган журнал батамом ёпилиб кетса бу – ўзбек журналистикаси, демократиясида ҳалиям жуда катта тўсиқларнинг борлигига ишора қилади”, деган ижодкор.
Шоир Суҳроб Зиё эса ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида:
"Жадидлар давридан буён ишлаб келган "Муштум" журнали фаолиятини тўхтатди. Кейинги навбат қайси нашрга келаркан?" деган саволли пост жойлади.
Блогер Шаҳноза Соатова эса Facebook'да Абдулла Қодирийдан мерос нашрни давлат муҳофазасига олиши кераклиги ҳақида ёзди.
"Янги нашрлар очган яхши-ю, бироқ эскиларини бой берсак, жадид боболар ғояларига эҳтиром қайда қолади? “Муштум” – бизнинг моддий-номоддий қадриятимиз, Абдулла Қодирийдан мерос нашр. Юз йиллик бренд десак ҳам бўлади. Уни давлат муҳофазасига олиш керак. Худди шундай, “Туркистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Гулистон”, “Ёш куч” каби отахон нашрларни ҳам асраб қолиш керак. Янги нашрлар ўз тарихини нолдан бошлаб, янги Ўзбекистоннинг мероси бўлиб қолаверсин. Эскиларга тегмайлик, асрайлик. Чунки тарихда нафақат “янги” бўлиб, балки “бузмаган, асраган ва авлодларга етказган” бўлиб қолиш ҳам муҳим", дея фикр билдирган у.
Маълумот учун, журналнинг 1-сонида унинг ташкилотчиларидан Абдулла Қодирийнинг “Муштум таърифида” деган бош мақоласи берилган. Мазкур мақолада "Муштум"нинг йўналиши белгиланган:
Бу “Муштум” зўрлик муштуми эмас, ҳақлик муштумидир, бу „Муштум“ золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир…
“Муштум”га турли даврларда ижод қилган Ғози Юнус, Чўлпон, Ҳожи Муин, Алижон Холиқов, Рафиқ Мўмин, Ғафур Ғулом, Комил Алиев, Абдулла Қаҳҳор, Носир Саййид, Ғайратий, Собир Абдулла, Саид Аҳмад, Анвар Муқимов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон ва бошқа ижодкорлар ўз асарлари билан иштирок этган. “Муштум”да чоп этилган кўпгина ҳажвий асарлар адабиётимизнинг бебаҳо дурдоналарига айланган. Масалан, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмаднинг энг сара ҳажвиялари, Эркин Воҳидовнинг "Донишқишлоқ ҳангомалари”, Абдулла Ориповнинг "Жаннатга йўл” драмасини айтиш мумкин. Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда "Муштум"нинг асосий қуроли ҳисобланган.
Журнал ўз фаолиятида турли ижодий шакллардан, жумладан Насриддин Афанди, Алдар Кўса каби халқ оғзаки ижодидаги образлардан кенг фойдаланган. Унинг саҳифаларида муҳим воқеаларга бағишланган фельетон, памфлет, ҳажвия, ўртоқлик ҳазиллари ва бошқа танқидий материаллар ёритилган.
"Муштум" ўз карикатуралари билан ҳам машҳур. Унинг биринчи рассоми Иштван Тулля бўлган, кейинчалик журналда турли йилларда Т.Муҳамедов, Д. Синицкий, М. Воробейников, Н. Иброҳимов, А.Холиқов, С. Субҳонов, А. Қамбаров, С.Салоҳиддинов, Ҳ.Содиқов ва бошқалар ишлаб келган.