Қочоқ Президент Бакиевнинг уйи шифохонага айлантирилди
Олам
−
30 Декабрь 2022
10540Кеча, 29 декабрь куни Бишкекда собиқ президент Қурманбек Бакиевга тегишли бўлган уйда очилган “Келечек” ногирон болалар реабилитация маркази расман ишга тушди.
Маросимга Президент Садир Жапаров келди. У ўзининг қутлов нутқида ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётига кенг жалб этиш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
"Ҳозирда республикада 200 мингдан ортиқ ногирон фуқаролар истиқомат қилади, уларнинг 36 мингга яқини болалардир. Имконияти чекланган болалар сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва спортга муҳтож. Шунинг учун биз имкониятлар яратишимиз керак. Бугун очилган реабилитация маркази ёш беморларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклашга қаратилган”, дейди давлат раҳбари.
Унга кўра, марказ 100 нафар болага мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи ўрталарида Қирғизистон ҳукумати собиқ Президентлар Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбоевнинг қасрларида кеча-ю кундуз ишлайдиган болалар реабилитация марказлари очилишини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда инқилоб бўлиб ўтди, натижада мамлакатнинг иккинчи Президенти Қурманбек Бакиев тахтдан ағдарилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Президентни қўллаб-қувватлаётган ҳарбий хизматчилар ва мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди.
Жиноятлари учун ватанида сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Бакиев қочиб кетганидан сўнг Қирғизистонда ҳокимият Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Ҳозирда Қирғизистоннинг иккинчи Президенти Минскда истиқомат қилади.
Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев эса биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.
Колониядаги тиббий ахлоқ тузатиш муассасаси бош шифокори собиқ Президент тўлиқ кўрикдан ўтиши ва даволаниши зарурлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15