Қизларни фоҳишалик учун Туркияга юбориш билан шуғулланган аёлларга суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа 9149
image

Қизларни Ўзбекистондан Туркияга фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбориб келган аёлларга суд ҳукми ўқилди. Улардан бирига қамоқ, иккинчисига шартли қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган М.Р. (аёл) ҳамда Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган Қ.А. (аёл) ўзаро тил бириктириб, қизларни Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юборишган.

Туркияда яшовчи А. исмли аёл эса қизларга авиачипта сотиб олиш, уларни кутиб олиш ҳамда фоҳишалик билан шуғуллантириш ишларига масъул бўлган.

Жорий йилнинг апрель ойи бошларида М.Р. ва Қ.А. Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган А.А.ни Туркия давлатига бориб, фоҳишалик билан шуғулланиш орқали ҳар ойда 2 минг АҚШ доллари ишлаб топишга қизиқтирган ҳамда дастлабки “даромади”нинг тенг ярмини уларга бериши кераклигини тушунтирган. 

Ўз навбатида Туркия давлатида яшовчи А. исмли аёл А.А.га хорижга чиқиш паспорти олиши учун 50 АҚШ доллари ва “Тошкент-Истамбул-Анқара” йўналиши бўйича авиачипта юборган.

ДХХ ходимлари томонидан ИИВ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда  М.Р. қизни Тошкент халқаро аэропортига олиб келиб, Туркия давлатига юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида унинг шериги Қ.А. ҳам ушланган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жорий йилнинг август ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан М.Р.га нисбатан 3 йил ва Қ.А.га нисбатан эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Лекин Қ.А.нинг оилавий шароитини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 246
Рейтинг: 3
t
×