“Қизамиқдан ўлим ҳолати кескин ошди”. ЖССТ огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
18 Ноябрь 2023
5830Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) халқаро миқёсда эмлаш қамровининг камайиши туфайли қизамиқ билан касалланиш ва ўлим ҳолати ортиб бораётганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда ЖССТнинг сайтида маълум қилинди.
ЖССТ ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг ҳисоботида келтирилишича, 2022 йил охирида, қизамиққа қарши эмлаш қамрови кўп йиллар давомида пасайганидан сўнг, ушбу вирусли касаллик билан касалланганлар сони 18 фоизга, инфекциядан вафот этганлар сони эса 43 фоизга ошган.
"Касалланганлар сони 9 млн киши, ўлимлар эса 136 минг кишини ташкил этмоқда. Ачинарлиси, уларнинг аксарияти болалар. 2022 йилда касалликнинг кенг миқёсли авж олиши 37 та давлатда содир бўлган ҳамда 22 давлатда кузатилган. Шу билан бирга, қизамиқ эпидемияси ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши ҳайратланарли, аммо афсуски, сўнгги йилларда эмлаш даражасининг пасайишини ҳисобга олинса, бу кутилмаган ҳодиса эмас", дейди Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказларининг Глобал эмлаш идораси директори Жон Вертефей.
ЖССТнинг ҳисоботида қайд этилишича, эмлашнинг энг паст кўрсаткичлари, атиги 66 фоиз, қизамиқдан ўлим хавфи юқори бўлган кам даромадли мамлакатларга тўғри келмоқда. 2022 йилда бундай вакцинанинг биринчи дозасини ўтказиб юборган 22 млн боланинг ярмидан кўпи бор-йўғи 10 та давлатда яшайди: Ангола, Бразилия, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Ҳиндистон, Индонезия, Мадагаскар, Нигерия, Покистон ва Филиппин.
"ЖССТ мамлакатларни эмланмаган болаларни аниқлашга ва барча болаларни қизамиқ ва вакцинация орқали олдини олиш мумкин бўлган бошқа касалликларга қарши эмлашга чақиради", дейилади ташкилотнинг баёнотида.
Ташкилот бутун дунё бўйлаб манфаатдор томонларга аҳолининг энг заиф қатламларини эмлашни тавсия қилди.
LiveБарчаси