Қийноқлар бўйича 96 киши терговга тортилган. Сенат БП ва ИИВга сўров юборди
Жамият
−
11 Август 2020
10010Жорий йилнинг 7 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига парламент сўрови юбориш бўйича қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси суриштирув ва тергов органларида, жазони ижро этиш муассасаларида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолатини ўрганган.
“Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ва суд амалиётининг таҳлили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ноқонуний таъсир чораларини қўллаш ҳолатлари ҳамон учраётганини кўрсатмоқда. Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига мазкур масалалар бўйича 2017 йилда 24 та, 2018 йилда 101 та, 2019 йилда 138 та ва 2020 йилнинг 25 май ҳолатига 40 та мурожаат келиб тушган. Кўриниб турибдики, Вакил номига келиб тушаётган шикоятлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ушбу мурожаатларнинг барчаси назоратга олинган ҳолда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Ички ишлар вазирлигига юборилган”, дейилади Сенат ахборотида.
Юборилган мурожаатларнинг бир қисми юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари ҳақида маълумотномалар Вакилга тақдим этилмай келмоқда.
Бош прокуратура томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимлари ҳамда бошқа шахслар Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги натижасида 96 нафар шахсга нисбатан жами 25 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг 2017 йилда 8 нафари, 2018 йилда 4 нафари ва 2019 йилда 6 нафари жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, судлар томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ 2017–2019 йилларда жами 21 та иш кўрилиб, 38 нафар ходимга нисбатан ҳукм чиқарилган.
“Бу каби ҳолатларнинг учраши аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва одил судловга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келмоқда.
Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларининг Сиёсий барқарорлик ва зўравонлик йўқлиги субиндикатори бўйича 212 та давлат орасида Ўзбекистон 136-ўринни эгалламоқда. “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича 128 та мамлакат орасида Ўзбекистон 110-ўринни эгаллаб турибди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ва май ойида Андижон шаҳар ИИБда ўтказилган терговлардаги қийноқлар сабаб икки фуқаро вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ўтказган видеселектор йиғилишида ушбу ҳолатни қаттиқ танқидга олди.
LiveБарчаси