Қиш ғамини ёзда е. Лукашенко дафн маросимига кетадиган харажатларни ҳам давлат зиммасига юклади
Олам
−
04 Январь
11964Беларусь резиденти Александр Лукашенко "Президент тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришларни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, бундай ўзгаришлар охирги марта 2006 йилда киритилган.
Ўзгартиришларга кўра, нафақага чиққан президент ва унинг оила аъзоларининг дахлсизлиги, умрбод ҳимоя ва давлат кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқи кафолатланади.
Бундан ташқари, Беларусь президентлигига номзод камида 40 ёшда бўлиши, мамлакатда камида 20 йил доимий яшаши ва у чет давлат фуқаролиги, хорижда яшаш учун рухсатнома ёки бошқа имтиёзларга эга бўлмаслиги керак.
Ўз вазифасини бажаришни тўхтатган президент Бутун Беларусь халқи мажлиси делегати ва Республика кенгашининг умрбод аъзоси бўлиб қолади. Шунингдек, собиқ президент ва унинг оиласи ҳукмронлик даврида содир этилган жиноятлари учун дахлсизлик ҳуқуқига эгадир. Уларга нисбатан процессуал ҳаракатларга ва озодликдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.
Янги қонунда, шунингдек, президентни дафн этиш ва хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.
Лукашенконинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар шахсан ўзи томонидан амалга оширилмаган, балки конституциявий ўзгаришлар ва “ҳуқуқни қўллаш амалиёти” натижасида қабул қилинган. Қўшимча равишда, у фарзандлари президент бўлмаслигига ваъда берган.
Айни пайтда бу тузатишлар Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг лавозимидан кетганидан кейин муҳим давлат лавозимларини сақлаб қолишга уринишлари билан қиёсланиб, жамоатчилик танқидига сабаб бўлмоқда.
Маълумот учун, Лукашенко Беларус Республикасини 1994 йилдан буён бошқариб келади ва президентнинг ваколатлари 2025 йилда тугайди, аммо Беларусда президент чексиз ва кўп марта қайта сайланиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, қўшни Қозоғистоннинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил президентликдан кетиши ва Конституцияни ўзгартирмаслигини айтди.
LiveБарчаси