Қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади. Коронавирусга шундай муносабатда бўлиш тўғрими?
Фойдали
−
27 Март 2020
9232Дунёнинг 176 мамлакатини эгаллаб олган коронавирус Ўзбекистонга кириб келганига 12 кун тўлди. Мамлакатда ушбу вирусга чалинганлар сони тобора ортиб бориши, бир кишининг вафот этишига қарамай ҳамон ўрнатилган тартибларга риоя қилмаётганлар талайгина.
Халқда қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади, деган нақл бор. Хўш, коронавирусга нисбатан шундай муносабатда бўлиш мумкинми? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков куюнчаклик билан одамларни яна бир бор огоҳликка чақирди.
“Кези келганда халқимизга айтмоқчи бўлган гапларимиз бор. Халқимиз орасида оддий грипп экан, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, ниқоб тақмаса ҳам бўлармиш, буларнинг ҳаммаси касаллик атрофидаги шов-шув каби фикрлар юрибди.
Минг афсуски, бу фикрларни айтаётганлар тиббиёт ходимлари ҳам бўлиши мумкин. Лекин, бир нарсани айтиб қўяйлик. Касаллик қўзғатувчиси, яъни коронавирус COVID-19 нимага қодир эканлигини кўрсатди. Дунёнинг 176 та давлатида 550 мингга яқин ҳолатда касаллик қайд этилди. Бу жуда катта кўрсаткич. Умумий аҳоли сонига кичикроқ бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бир куннинг ўзида АҚШда 13 мингдан кўп бемор рўйхатга олинди ва АҚШ касалланиш кўрсаткичи бўйича Хитойдан ўзиб, 86 минг касалланиш билан биринчи ўринга чиқиб олди. Иккинчи ўринда Хитой, учинчи ўринда эса Италия. Бу каби ҳолатлар ҳар биримизни сергак торттириши керак. Ҳар биримиз хушёр бўлишимиз керак”, дейди Отабеков.
Мутахассис сўзида давом этаркан, касаллик урчиб бораётган мамлакатлардаги асосий муаммо огоҳликнинг йўқлиги ва лоқайдлик эканини айтди.
“Касалликнинг нечоғлик хавфли экани, тарқалганлик даражаси, етказилган иқтисодий зарар... Агар буларнинг ҳаммасини ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳаммасининг замирида бепарволик ётибди. Агар мана шу бепарволик бўлмаганда, Италия ва АҚШ бу ҳолатга тушмасди. Демак биз хушёр тортишимиз керак. Ҳануз бу касалликни тўлиқ даволаб юборадиган дори воситаси йўқ. Ҳалигача бу касалликдан ҳимоя қиладиган вакцина ишлаб чиқилган эмас. Касалликдан кейин соғайган одамларнинг келгуси тақдири ҳақида ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмасмиз. Демак, биз номаълум асоратларга олиб келадиган, номаълум қўзғатувчининг рўпарасида турибмиз. Ҳар биримиз бунга масъулият билан ёндашишимиз керак бўлади”, дейди Нурмат Отабеков.
LiveБарчаси