Қирғизистонликларга Россияга бормаслик тавсия қилинди
Олам
−
02 Май
6342Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик узрли сабаблари бўлмаган фуқароларга аввал киритилган қўшимча хавфсизлик чоралари ва давлат чегараси орқали ўтишда кучайтирилган назорат режими бекор қилинмагунича Россия Федерацияси ҳудудига чиқишдан вақтинча тийилишни маслаҳат берган.
Вазирликнинг хабарида ҳозирча мамлакат дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларига қирғизистонликларнинг Россияга киришини оммавий чеклаш ҳақида ҳеч қандай сигнал бўлмагани ҳам қўшимча қилинган.
“Шу билан бирга, Қирғизистон Ҳукумати ва хорижий ваколатхоналар Россиядаги мавжуд вазиятни кузатиб бормоқда”, дейилган мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқароларига Россия Федерациясига бормасликни тавсия қилган эди.
LiveБарчаси