Қирғизистонликлар 1 июлдан бошлаб янги Конституция асосида яшайди

Олам

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Қирғизистон янги Конституция ва янги қонунлар асосида яшайди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров КТРК телерадиокорпорациясига берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, бу ҳафта Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Конституция бўйича референдум натижаларини чиқариши керак.

“Шундан сўнг, янги Конституция кучга киради. Аммо қонунлар икки ой ичида – депутатлар таътилидан олдин қабул қилинади. Биз барча қонунларни мувофиқлаштиришимиз керак, 17 тўплам қонун лойиҳаларини тайёрладик. Уларни парламентга тақдим этамиз. 1 июлдан бошлаб янги қонунлар ва янги Конституция асосида яшаймиз”, дейди у.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, халқ президентлик бошқарув шаклини танлаган, шунинг учун мамлакатда президентлик бошқарув шакли ўрнатилади.

“Ижро этувчи ҳокимиятни Президент, сўнгра Вазирлар Маҳкамасининг раиси, кейин эса вазирлар бошқаради. Агар илгари Президент ва ҳукумат ажратилган бўлса, энди улар бирлашади”, дейди у.

Жапаров мамлакатда ислоҳотлар амалга оширилиши, бюрократия бўлмаслиги ва қарорлар зудлик билан қабул қилинишини таъкидлади.

“Масалан, биз ҳали ҳам эски Конституция асосида яшаяпмиз. Агар ҳукуматга сиёсий аҳамиятга эга бўлган битта муҳим ҳужжатни тақдим этиш зарур бўлса, у 15 кундан кейингина қайтарилади. Бюрократия, бир сўз билан айтганда. Сўнгги 10 йил ичида бошқарув тизими тартибсиз эди – ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни, қарор қабул қилишни хоҳламайди. Агар янги Конституция кучга кирса, бундай бўлмайди. Биз битта кабинетга йиғиламиз, Президент ва Ҳукумат бирлашади ҳамда қарорлар тезда қабул қилинади”, дейди Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтган эди. Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси 79 фоиз сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг