Қирғизистонлик депутат Ўзбекистон сув учун пул тўлаши кераклигини айтди
Олам
−
12:29 3064 2 дақиқа
Кеча, 9 февраль куни Қирғизистон парламентида Ўзбекистон ва Қозоғистон суғориш суви учун нега пул тўламаётгани масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Kaktus Media” хабар берди.
Жогорку Кенешнинг aграр сиёсат, сув ресурслари, ерости бойликларидан фойдаланиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси йиғилишида депутат Умбетали Қидиралиев бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгариб бораётганини ва сув танқислиги кузатилаётганини таъкидлаган.
Унинг айтишича, Қирғизистондаги сув захираларининг қарийб 80 фоизи қўшни давлатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистонга йўналтирилади. Шу билан бирга, сув омборларини сақлаш, таъмирлаш ва хавфсизлигини таъминлаш харажатлари Қирғизистон зиммасида қолмоқда.
“Демак, Қирғизистон ушбу гидроэлектр иншоотларини сақлашдан ҳеч қандай иқтисодий фойда кўрмаяптими? Таъмирлаш ишларини олиб бориш, сувни сақлаш ва тўғонларни текшириш керак. Харажатлар катта. Ҳатто, АҚШ ҳам Канадага, Германия эса Швецияга сув учун пул тўлайди. Хўш, нега Қирғизистон сув учун пул олмайди? Бу халқаро ҳуқуқ!”, деган Қидиралиев.
Бош вазир ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазири Бақит Торобаев Ўзбекистон ва Қозоғистон Қамбар-Ота ГЭСи қурилишига қизиқиш билдираётганини айтган. Шунингдек, Кампир-Обод сув омбори Ўзбекистон билан биргаликда бошқарилишини, бошқа сув омборлар эса Қирғизистон тасарруфида эканини эслатган.
Торобаевнинг таъкидлашича, Президент Садир Жапаров қўшни давлатлардан сув омборларини таъмирлаш учун мажбурий тўлов талаб қилмаслик бўйича кўрсатма берган. Таъмирлаш ишлари Қирғизистон томонидан амалга оширилади, қўшнилар эса фақат ихтиёрий ёрдам кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ ҳузуридаги Сув, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш университети институти эълон қилган янги ҳисоботда дунё бўйлаб сув ресурслари кескин қисқариб бораётгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси