Қирғизистонлик бахши мустақиллик байрамида сиёсатни танқид қилиб қўшиқ куйлади
Олам
−
06 Сентябрь 2020
11579Куни кеча Қирғизистонда мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланди. Пойтахт Бишкекда бўлиб ўтган тантанали маросимда Президент Сооронбай Жээнбеков ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлат раҳбари нутқидан кейин байрам концерти тақдим этилди ва Президент Жээнбеков ҳам томошабинлар қаторидан ўрин эгаллади. Концертда бахши Аали Туткучев қўшиқ айтиб, COVID-19 эпидемияси аслида Қирғизистоннинг соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, ташқи сиёсат, давлат бошқаруви ва бошқа соҳалардаги барча муаммоларини очиб берганини куйга солди.
У долзарб масалалар – коррупция, амалдорларнинг оддий одамлар ҳисобига бойиб кетиши, божхонадаги ўғирлик, сайловларда овозларни сотиб олиш орқали ғалаба қилиш ва бошқа муаммоларни танқид қилди. Президент тез-тез гапирадиган рақамлаштириш мавзусида ҳам куйлаб, коррупцияга ботган идоралар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун онлайн режимга ўтказиш таклифини илгари сурди.
Айни вақтда қирғизистонликлар орасида бахшининг қўшиғи кун тартибига чиққан. Айниқса, у бу қўшиқни байрам тадбирида, яна Президент Жээнбековнинг қаршисида куйлаши, одамларни унинг келгуси тақдири ҳақида ўйлашга мажбир қилмоқда. Президент Сооронбай Жээнбеков эса “Биринчи радио”сига интервью бериб, бахши Аали Туткучевнинг чиқишига муносабат билдирди.
“Бахшимиз давлат сиёсати масаласига, хусусан, менинг президентлик фаолиятимнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди. Бу, албатта, жамоатчилик эътиборини тортмаслиги мумкин эмас. У аввало, халқнинг хабарчиси, уларнинг орзу-интилишларининг намояндаси”, дейди давлат раҳбари вазминлик билан.
Сооронбай Жээнбеков мамлакат бўйлаб кўп саёҳат қилишини, аҳоли билан учрашувлар ўтказишини, бу учрашувларда одамлар турли саволлар ва муаммолар билан мурожаат қилишларини таъкидлади.
“Мен тўғридан-тўғри фуқаролардан, оммавий ахборот воситаларидан маълумот оламан. Бизда очиқ жамият мавжуд. Муаммоларни яшира олмаймиз. Халқдан, жамиятдан ниманидир яшириш мумкин эмас.
Икки йилдан бери мен ушбу муаммоли масалаларни кўтариб, уларни ҳал қилиш устида ишлаяпман. Айниқса, мамлакатни рақамлаштириш бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Масалан, божхоналарни олинг. Ушбу соҳада ишлайдиган алоқалар, схемалар йиллар давомида ўрнатилди.
Худди шу ҳолат нафақат божхона соҳасида, балки бошқа кўплаб соҳаларда ҳам бўлган.
Биз бу йўналишда фаол кураш олиб бормоқдамиз. Менинг рақамли сиёсатимнинг асосий мақсадларидан бири бу инсон омилини йўқ қилишдир. Ушбу соҳаларда коррупцияни йўқ қилиш”, дейди Президент.
Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, рақамлаштириш ва бу орқали коррупцияга барҳам бериш усулини ўз ўйлаб топмаганини, дунёнинг кўплаб етакчи давлатлари рақамлаштириш орқали коррупцияга қарши курашда муваффақиятларга эришганини таъкидлади.
“Буни олдин ҳам айтганман ва яна такрорлайман: фақатгина жазо чоралари билан коррупцияни тугата олмаймиз. Айнан рақамли технологиялар бизни, мамлакатимизни ва халқимизни коррупцион унсурлардан халос қилади. Шу сабабли, мен мамлакатнинг рақамлаштириш сиёсатига алоҳида эътибор бераман.
Қайси ҳудудга ташриф буюрсам, фаолиятнинг асосий йўналишлари – божхона, солиқ соҳаларида, суд тизимида, маҳаллий ҳокимият органларида рақамлаштириш сиёсатининг амалга оширилишига эътибор қаратаман”, дейди Президент.
Унинг таъкидлашича, давлат хизматларини, айниқса, давлат бюджетига тушадиган маблағларни рақамлаштиришсиз давлат ҳокимияти обрўсини кўтариб бўлмайди.
Жээнбековнинг фикрича, бахши Аали Туткучев ўз чиқиши орқали Президентнинг сиёсатини халққа янада яқинлаштирган.
“Мен бахшиларнинг ўз чиқишларида жамиятнинг оғриқли нуқталарини кўрсатиб беришида ҳеч қандай ёмонлик кўрмаяпман. Биз барча салбий ҳолатларга қарши фаол кураш олиб боряпмиз, бу вақт талаб этади.
Менимча, бахшилар фақат халқнинг орзу-умидларини ҳокимиятга етказиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Уларнинг вазифаларидан бири ҳам керак бўлса танқид қилиш билан расмийларга таъсир ўтказишдир.
Аали Туткучев бундай имкониятга эга эди. Ва у бундан фойдаланди. Менимча, у тўғри иш қилди”, дейди Қирғизистон раҳбари.
LiveБарчаси