Қирғизистондан Ўзбекистонга 1 кг гиёҳвандлик моддасини олиб ўтган наркодилерлар қўлга олинди
Жамият
−
09 Июль 2019
3216Фарғонада ДХХ вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда 1 килограмм гиёҳвандлик моддасини Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга олиб ўтган наркодилерлар қўлга олинди.
Аниқланишича, қирғизистонлик М.Т. ва Н.Т. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қ.Ю. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, келишув тузган. Унга кўра, улар Қирғизистондан гашиш гиёҳвандлик воситаси топиш, божхона назоратидан четлаб гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикасига ўтказиш, Қ.Ю. эса контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун пул билан таъминлаш ва харидор топиб сотиш мажбуриятини олган.
М.Т. 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситасини олиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаларининг нейтрал ҳудудида яшовчи, киракашлик билан шуғулланувчи қўшниси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.С.ни алдаб, икки қоп картошкаси борлигини, ушбу қопдаги картошкаларни Фарғона шаҳридаги вақтинча яшаш уйига олиб бориб беришини илтимос қилган. Р.С. унинг таклифига рози бўлган, М.Т. гиёҳвандлик воситасини контрабанда қилиш мақсадида картошка солинган қопга 934 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини қўшнисига билдирмасдан яшириб жойлаштирган. Картошка солинган қоплар Фарғона тумани Водил қишлоғидаги нейтрал ҳудуддан Фарғона шаҳар Гулшан кўчасидаги уйга олиб келиб берилган.
Қ.Ю.га бундан хабар топиб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган 934 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасидан 930 грамм қисмини 1 килограмм ҳисобида 5 минг 500 АҚШ долларига сотиб олган. Damas русумли автомашинасини бошқариб, Фарғона шаҳар кичик ҳалқа йўлининг Саноат кўчаси билан кесишган чорраҳасида шубҳали ҳаракатланаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилганида, у қочишга ҳаракат қилиб, ёнидаги гашиш гиёҳвандлик воситасини унинг жиноятидан хабари бўлмаган автомашинада йўловчи сифатида кетаётган синглиси Д.Қ.га бериб қўйган. Терговга қадар текширув давомида Д.Қ. шахсий тинтув қилинганида унинг қорин қисмига боғланган ҳолда 930 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган. М.Т. вақтинча яшаш манзили олдида ушланган ва уни шахсий тинтув қилинганида унинг ёнидан 4 грамм гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган.
Фарғона вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, Д.Қ.дан олинган Қ.Ю.га тегишли модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, ушбу модда “гашиш” деб аталиши, соф вазни 930 грамга тенглиги аниқланган. Шунингдек, Қирғизистон Республикаси фуқароси М.Т.дан олинган 4 грамм модда ҳам айнан гашиш эканлиги аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми билан М.Т.га 10 йилу 6 ой, Қ.Ю.га эса 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси