Қирғизистондаги мактабда ўқувчилар митингга чиқиши ортидан уларнинг барча устозлари ишдан бўшатилди
Олам
−
19 Апрель 2023
17032Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлашган А.Каниметов номидаги мактабда ўқувчилар митингга олиб чиқилгани учун ўқитувчилар жамоаси тўлиқ таркибда ишдан бўшатилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов “GovoriTV” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 17 апрель куни ўқувчилар дарс жараёнини тўхтатиб, мактаб ҳовлисига баннерлар кўтарганча, шовқин қилиб чиққан. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, улар мактаб-интернат бошқа муассаса билан бирлаштирилишидан норози бўлган. Шаҳар ҳокимлиги эса можаронинг сабаби янги раҳбарга иш жойини топширишдан бош тортган собиқ директор билан боғлиқлигини маълум қилган.
“Бу, албатта, катта фавқулодда ҳолат. Тўғри талаб билан чиқилса ҳам, болаларни жалб қилиш мумкин эмас ва биз уларни восита сифатида ишлатишга йўл қўймаймиз. Ўқитувчилар юз фоиз таркибда ишлашдан озод қилинган. Дастлаб биз ўқитувчиларни бошқа мактабларга тарқатишни ва уларни иш билан таъминлашни хоҳладик, аммо бундай фавқулодда вазиятдан кейин ҳамма ишдан бўшатилди”, деди Эдил Байсалов.
Унинг айтишича, мактаб жойида қолади, бироқ болаларга бошқа ўқитувчилар дарс беради.
“Биз тегишли органларга болаларни ушбу жанжалга жалб қилган қўзғатувчиларни жавобгарликка тортиш вазифасини қўйдик”, дея қўшимча қилди у.
LiveБарчаси