Қирғизистонда вазият қалтис. Президент Конституцион судга мурожаат йўллади

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Конституциявий судига Президент Садир Жапаровнинг амалдаги давлат раҳбарининг ваколатларини амалга ошириш муддатлари ва навбатдаги ёки муддатидан илгари президентлик сайловларини тайинлаш тартибига оид Конституция нормаларига расмий шарҳ бериш тўғрисидаги тақдимномаси келиб тушди. Бу ҳақда Конституцион суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжатда қайд этилганидек, мурожаат қилиш зарурати ижтимоий-сиёсий маконда ва экспертлар муҳитида конституциявий қоидаларни талқин қилиш бўйича мутлақо қарама-қарши позициялар шакллангани билан боғлиқ.

Гап 2010 йилги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ сайланган президент ваколатлари муддатининг бошланиш вақти ва давомийлигини, шунингдек, навбатдаги ёки муддатидан илгари сайловларни ўтказишни тартибга солувчи нормалар ҳақида бормоқда.

Тақдимномада 2021 йил 11 апрелдаги референдумда қабул қилинган “Қирғизистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Қонуннинг қоидалари, бир қатор экспертларнинг фикрига кўра, 2010 йил 27 июндаги таҳрирдаги Конституция нормалари билан биргаликда қўлланилганда ноаниқ талқин қилинишига йўл қўйиши ва зиддиятларни келтириб чиқариши кўрсатилган.

Қайд этилишича, ҳуқуқшунослар ва жамоат арбобларининг қарама-қарши ҳуқуқий позициялари оммавий ҳокимият институтларининг барқарор ва қонуний фаолият юритиши учун фундаментал аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича конституциявий-ҳуқуқий ноаниқлик юзага келганидан далолат беради.

Кўрсатилган ноаниқлик, материалларга кўра, конституциявий тузум асосларига, халқ ҳокимиятчилиги принципига, Конституциянинг устунлиги ва тўғридан-тўғри амал қилишига, ҳуқуқий аниқликка, сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига дахл қилади.

Ҳужжатда, шунингдек, ҳокимият ва сайлов масалаларига юқори ижтимоий сезгирлик шароитида тафовутларнинг сақланиб қолиши сиёсий қарама-қаршиликларга олиб келиши, давлат институтларига бўлган ишончни сусайтириши ва қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги учун хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилган.

Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни таъминловчи органларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан низолар келиб чиқиши эҳтимоли алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Ҳуқуқий мавҳумликни бартараф этиш ва юзага келиши мумкин бўлган конституциявий инқирознинг олдини олиш мақсадида давлат раҳбари сўраган:

•    Қирғизистон Республикаси Конституциясининг (қонуннинг 2021 йил 5 майдаги таҳририда) 67-моддаси, 68-моддаси 2-қисми иккинчи хатбошиси ва 72-моддаси 1-қисмини 2010 йилги таҳрирдаги Конституция нормалари ва 2021 йил 11 апрелда қабул қилинган “Қирғизистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Қонун қоидалари билан тизимли ўзаро боғлиқликда расмий шарҳлаш;

•    навбатдаги ёки муддатидан илгари президент сайловини ўтказиш тартиби ва муддатларини тушунтириш.

Тақдимнома Конституциявий суд томонидан 17 февраль куни ёзма шаклда биринчи навбатда кўриб чиқилади.

Айни вақтда Қирғизистонда вазият қалтис. Гап шундаки, кўплаб жамоат фаоллари мамлакат президентининг янги сайловини ўтказишни зудлик билан бошлаш ташаббуси билан чиқди. Ташаббускорлар мурожаатни Президент Садир Жапаров ва парламент – Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Турғунбек ўғлига йщллаган. Ҳужжатни 75 киши – олимлар, собиқ бош вазирлар, собиқ депутатлар ва жамоат арбоблари имзолаган. Айни вақтда ҳужжатни имзолаганлар терговга жалб қилинаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. 

Ички ишлар вазирлигининг Тергов хизмати Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси – оммавий тартибсизликлар – бўйича жиноий иш қўзғатган.Оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумонланиб, Эмилбек Узоқбоев, Қурманбек Дийқанбоев ва Бекболот Талғарбеков ҳибсга олинган. Улар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини "жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик" истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.

Ташиев ортидан биринчи ўринбосар Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади. 

2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди ва Тўққизинчи хизмат негизида тўғридан-тўғри президентга бўйсунадиган янги Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди. Давлат қўриқлаш хизмати раиси этиб Сирғак Бердиқожоев тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг