Қирғизистонда тоғ чўққисига ШҲТ номи берилди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чуй вилоятидаги баландлиги 4050 метр бўлган номсиз тоғ чўққисига “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чўққиси” номини бериш тўғрисида фармон имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, географик ном давлат раҳбарининг фармони билан Чуй вилояти Аламудун туманидаги “Ола-арча” давлат табиий боғида жойлашган тоғ чўққисига берилади.

Фармон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда 2026 йилда Қирғизистонда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилаётгани муносабати билан қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда 4050 метр баландликдаги номсиз тоғ чўққисига “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чўққиси” географик номини бериш масаласини кўриб чиқиши керак.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Қирғизистон Жогорку Кенеши муҳокамасига киритиш вазифаси юклатилган.

ШҲТга Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.

Маълумот учун, бугун, 1 сентябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган саммит расман старт олди. Саммитда ШҲТга аъзо барча 10 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нафақат Евросиё, балки бутун дунёдаги энг йирик минтақавий бирлашма эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг