Қирғизистонда терроризм ва сепаратизмда гумонланган шахс қўлга олинди
Олам
−
04 Июнь
3793Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан терроризм ва сепаратизмда гумон қилинган республика фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида террорчилик ва сепаратистик характердаги жиноятларни содир этгани учун қидирувда бўлган 1984 йилда туғилган Қирғизистон Республикаси фуқароси аниқланиб, қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Гумонланувчининг исми ва фамилияси тергов манфаати учун ошкор этилмаяпти.
“2010 йилдаги воқеалардан сўнг у Ўш вилояти аҳолиси орасидан ўзининг шериклари билан Қирғизистон Республикаси ҳудудида террорчилик ҳаракатлари содир этишни мақсад қилган, бунинг учун ўқотар қурол ва портловчи моддаларни сотиб олган”, дейилади матбуот маркази хабарида.
2010 йил июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли ўртасида низо келиб чиққан, ўшанда бир неча юз киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам яраланган.
“2011 йилда қурол-яроғ ва портловчи моддалар омбори топилганидан сўнг, гумондорнинг икки шериги қўлга олиниб, суд томонидан турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жиноий гуруҳнинг тўрт нафар аъзоси, жумладан қўлга олинган шахс қочишга муваффақ бўлган", деб ишонтирди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.
Қирғизистон махсус хизматлари маълумотларига кўра, қидирувда бўлганлардан икки нафари “халқаро террорчи ташкилотлар тарафида” жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Сурияга ўтган ва у ерда ҳарбий тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси террорчилик фаолиятига алоқадор шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси