Қирғизистонда сайловларда қатнашмаганлар жаримага тортилиши мумкин

Олам

image

Қирғизистон миллий парламенти депутатлари сайловчиларнинг президентлик ёки парламент сайловларига узрли сабабларсиз келмагани учун жарима солишни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат парламенти матбуот хизмати хабар берди.

“Жогорку Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламенти қўмитаси бугун, 21 ноябрь куни “Қирғизистон Республикаси Президенти ва депутатлар сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида” конституциявий қонун лойиҳаси ва “Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди ва биринчи ўқишда маъқуллади”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ўзгартиришларни қабул қилиш ташаббускори халқ вакили Тазабек Икромов бўлиб, у қонун лойиҳасининг асосий мақсади “фуқароларнинг сайлов ва референдумларда ўз ваколатларини тўғридан тўғри амалга оширишини тўлиқ таъминлаш” эканини айтган.

“Конституциявий қонун лойиҳасида Қирғизистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча фуқаролар Президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайловида қатнашиши шартлиги тўғрисидаги нормани киритиш таклиф қилинмоқда, узрли сабабларга кўра бўлган шахслар бундан мустасно”, дейилади хабарда. 

Билдирилишича, айрим депутатлар қонунда узрли сабаблар рўйхатини, шунингдек, жарима солиш ва ундириш тартиби ва механизмларини кўрсатишни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг мухолифларининг қонун лойиҳаси мамлакат конституциясининг амалдаги нормаларини бузаётганига ишончи комил, чунки “сайлаш ва сайланиш” фуқароларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир.

Икромов таклиф қилган тузатишлар сайловга келмаганлик учун 5 минг қирғиз соми (қарийб 700 минг сўм) миқдорида жарима солишни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг