Қирғизистонда рус тилининг расмий мақомини бекор қилиш таклиф этилди 

Олам

image

Рус тилининг Қирғизистондаги расмий мақомини бекор қилиш таклиф қилинди. Таклиф Қирғизистон Конституциявий кенгаши аъзоси Садирдин Торалиев томонидан киритилган

"Бу кескин тарзда эшитилиши мумкин, аммо мен Конституцияда фақат қирғиз тилини давлат тили сифатида қолдиришни таклиф қиламан. Бошқа тиллар учун алоҳида қонунлар қабул қилиш керак. Ёшлар қирғиз тилида гаплашишни тўхтатиб қўйдилар, чунки бунга ҳожат бўлмаяпти, аслида эса бундай бўлмаслиги керак", деган Торалиев. 

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда қирғиз тилини ўрганиш учун шароит яратиш керак.

"Ўз тилимизни йўқотишимиз мумкин. Бизга рус тили керак, бизнинг инглиз тилига ҳам эҳтиёжимиз бор. Биз қанча кўп хорижий тилларни билсак, чет элда бизни шунчалик кўп ҳурмат қилишади. Дунёда 60 фоиздан ортиқ одам инглиз тилида гаплашади. Бунинг учун алоҳида қонунлар қабул қилиш ва чет тилларини ўрганишни ривожлантириш керак", деган Торалиев.

Мамлакат Конституциясига биноан Қирғизистонда давлат тили қирғиз тили бўлиб, рус тили эса расмий тил сифатида ишлатилади. 

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти аъзолари янги Конституция бўйича референдум ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этишди. Референдумни ўтказишни Қирғизистонда 2021 йилнинг 10 январига белгиланган муддатидан олдин бўлиб ўтадиган Президент сайловлари билан бирлаштириш таклиф этилган.

Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида Республика Президенти томонидан ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиш, Халқ Қурултойи институтини жорий этиш, шунингдек, парламент аъзолари сонини ҳозирги 120 кишидан 90 кишига камайтириш кўзда тутилган.

Аввалроқ, Қирғизистон номини ўзгартириш таклиф қилингани ҳақида хабар бергандик. 


Мақола муаллифи

Теглар

ҚИРҒИЗИСТОН РУС ТИЛИ

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг