Қирғизистонда президент сайлови қачон ўтказилиши аниқ бўлди
Олам
−
24 Октябрь 2020
5582Қирғизистондаги навбатдан ташқари президент сайловлари 2021 йилнинг 10 январ куни бўлиб ўтиши белгиланди. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси йиғилишида қарор қабул қилинди.
МСК раиси Нуржан Шайлдабекова таъкидлаганидек, қонунчиликка мувофиқ муддатидан олдин президент сайловлари давлат раҳбари истеъфога чиққанидан кейин уч ойдан кечиктирмай ўтказилиши керак.
“Шундан сўнг, сайлов комиссияси икки кун ичида сайловлар кунини расман эълон қилади. Қонун ҳужжатларида таъкидланишича, улар давлат раҳбарининг ваколатлари тугаганидан кейин уч ой ичида – 2021 йил 16 январгача ўтказилиши керак”, дейди у.
Сайловлар одатда дам олиш кунида ўтказилади, шу боис навбатдаги ташқари президент сайловини 10 январга белгилаш таклиф этилди.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари ушбу таклифни қўллаб-қувватладилар.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
LiveБарчаси