Марказий Осиё Президентлари саммити арафасида Назарбоев ҳайкали ғойиб бўлди

Олам 20206
image
-

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Иссиқкўлдаги “Рух-Ордо” мажмуаси ҳудудида ўрнатилган ҳайкали олиб ташланди. Буни Қирғизистон Президенти маъмурияти томонидан эълон қилинган фотосуратлар тасдиқлайди, дея хабар берди “KaktusMedia”.

Бугун, 21 июль куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Кўл яқинидаги “Рух-Ордо” мажмуасида илгари Нурсултон Назарбоевнинг ёдгорлиги жойлашган эди. Ҳайкал 2005 йилда Элбошининг 65 ёшга тўлиши арафасида ўрнатилган эди. Мазкур учрашув муносабати билан олинган тасвирларда негадир ҳайкал жойида йўқ.

Қирғизистон Президенти маъмурияти ҳозирча бу ҳолатга изоҳ бермади. Аммо сайёҳларнинг видеоларига қараганда, Нурсултон Назарбоев ҳайкали бир йилдан кўпроқ вақт олдин олиб ташланган. Масалан, Дмитрий Шиховцев томонидан 2021 йилнинг ўрталарида суратга олинган видеода Қозоғистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали жойида кўринмайди.

Маълумот учун, “Рух-Ордо” мажмуаси 2002 йилда 1990-2000 йилларда нуфузли тадбиркор ва сиёсатчи Ташкул Керексизов ташаббуси билан очилган. Мажмуа Иссиқкўлга келувчи сайёҳлар орасида машҳур маскан ҳисобланади.

Мажмуа ҳудудида фан ва санъатнинг таниқли намояндалари, жумладан, диний ва сиёсий арбоблар, шоирлар, ёзувчилар (Чингиз Айтматов, Турдақун Усубалиев, Борис Елцин, Мустафо Камол Отатурк ва бошқалар)нинг ҳайкаллари ўрнатилган.

Назарбоев ҳайкали “Рух-Ордо”да 2005 йилда Асқар Акаев президентлиги даврида пайдо бўлган эди.
 

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 606
Рейтинг: 3
t
×