Қирғизистон Тожикистон билан чегарани делимитация қилишни якунламоқчи
Олам
−
03 Октябрь 2023
3521Қирғизистон ва Тожикистон яқин вақт ичида чегаранинг умумий қисмини делимитация қилиш жараёнини якунлаш ниятида. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги музокараларни шарҳлар экан, маълум қилди.
“Тез орада биз барча давлат чегараларини белгилашни якунлаш бўйича якуний қарор қабул қиламиз”, дейди у.
Ташиевнинг сўзларига кўра, ҳукумат делегацияларининг учрашуви чоғида томонларга “барча чегара масалаларини ҳал қилиш” имконини берувчи ҳужжат имзоланган.
2 октябрь куни Қирғизистон вилоят маркази Боткенда Қирғизистон ва Тожикистон вакилларининг чегарани делимитация қилиш масаласи бўйича учрашуви бўлиб ўтди. Музокараларда Қирғизистон томонига Ташиев, Тожикистон томонига мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилди.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йил декабрь ойидан буён уни делимитация қилиш бўйича музокаралар (давлат чегарасини, унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш билан белгилаш) давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг учдан икки қисми аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган участкалар баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал этмаслик икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, шу жумладан, ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга бир неча бор сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йилнинг куз ойларида содир бўлган, Қирғизистон томонида тўқнашувлар пайтида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилиб, келишувга мувофиқ умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь