Қирғизистон “Толибон” билан савдо ҳажмини оширмоқчи
Олам
−
26 Январь
5272Кеча, 25 январь куни Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев бошчилигидаги делегация Қобулга борди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, делегация Афғонистонга савдо айланмасини кенгайтириш, юкларни транзит қилиш тартибини соддалаштириш ва икки давлат ўртасидаги турли масалаларни ҳал этиш мақсадида борган.
“Биз тижорат ва бошқа соҳалардаги кўплаб муҳим мавзуларни муҳокама қилиш учун келдик. Мавзулар кенг, биз, масалан, турли соҳалардаги савдо ва транзит масалаларини муҳокама қиламиз. Кўриб турганингиздек, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ишбилармонлар ва хусусий сектор келган”, деган Иқтисодиёт вазири Қобулда.
“Толибон” муваққат ҳукуматида савдо ва саноат вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизий эса Қирғизистон делегацияси билан учрашувда Қобул Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Қирғизистон Республикаси учун транзит нархини пасайтирмоқчи эканини таъкидлади.
Шунингдек, у Қирғизистон расмийлари билан ишбилармонлар учун виза олиш ва юк ташиш харажатларини камайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ҳам муҳокама қилинишини қўшимча қилди.
“Қачонки транзит юклар юртимиздан ўтиб, Жанубий Осиёга кетса, биз улар билан ҳамкорлик қиламиз... Бизнинг кун тартибимиздан масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ва харажатларни камайтириш ўрин олган”, деди Нуруддин Азизий.
Шунингдек, Дониёр Амангелдиев “Толибон” муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий ҳамда кон ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Шаҳобиддин Делавер билан ҳам учрашган. Муҳокаманинг асосий мавзуси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга бағишланган.
Афғонистон томони яқинда Ҳирот вилоятида рўй берган зилзиладан жабр кўрган баланд тоғли ҳудудлар аҳолисига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун Қирғизистонга миннатдорлик билдирган. Учрашувда вазирлар савдо, сармоя, транспорт ва энергетика соҳаларига оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилди. Томонлар ўзаро манфаатли мустаҳкам иқтисодий алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор эканини таъкидлаган.
Шунингдек, томонлар тоғ-кон саноатини ривожлантиришнинг таркибий масалалари, конларни ўзлаштиришни фаоллаштириш, руда ресурсларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, темир рудаси, сурма ва нефт қазиб олиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
“Мулоқотнинг муҳим жиҳатларидан бири тоғ-кон саноати ва нефт-газ соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро хоҳиш билдирилгани бўлди. Томонлар ушбу тармоқлардаги иш самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи тажриба ва технологияларни фаол алмашиш муҳимлигини таъкидладилар”, дейилади вазирлик баёнотида.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь