Қирғизистон ТИВ раҳбари Ўзбекистон элчисига мамлакатдаги вазият ҳақида маълумот берди

Олам

image

Бугун, 15 октябрда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хуршид Мирзахидовни қабул қилди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон элчиси Руслан Казакбаевни юқори давлат лавозимига тайинлангани билан табриклади ва унга ушбу лавозимда муваффақиятлар тилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов номидан табрикларни етказди.

Ўз навбатида, Руслан Казакбаев элчига мамлакатдаги мавжуд вазият тўғрисида маълумот берди. У сиёсий вазиятни нормаллашгани, Жўқорғу Кенешнинг янги Торағини (спикер) сайлангани, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ва ҳукумат аъзолари тасдиқлангани маълум қилди.

Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.

Руслан Казакбаев илгари эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан у яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашишга тайёрлигини билдирди.

Суҳбат чоғида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жараёнига ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қирғизистон

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг