Қирғизистон Россияни мигрантлар масаласида судга берди
Олам
−
27 Январь 8664 2 дақиқа
Қирғизистон меҳнат мигрантлари бўйича келишув бажарилмаётгани учун Россияни айблади. Бугун, 27 январь куни мамлакат ушбу ҳолат бўйича Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) судига даъво аризаси киритгани маълум бўлди. Бу ҳақда “24kg” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, судга даъво киритилгани ҳақида Жогорку Кенешда янги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раиси Азамат Муканов маълум қилган.
Қўмита аъзолари Россияда меҳнат қилаётган мигрантларни тиббий ёрдам олиш учун суғурта полислари билан таъминлаш бўйича ишлар қандай олиб борилаётгани билан қизиққан. Азамат Мукановнинг айтишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо беш давлат ўртасида меҳнат мигрантларига тааллуқли келишув мавжуд.
“Бироқ айни пайтда Россия томони ушбу келишувнинг 96–97-моддаларини бузмоқда, яъни меҳнат мигрантлари оила аъзоларига мажбурий тиббий суғурта полисларини беришни рад этмоқда. Қирғиз Республикаси ЕОИИ судига даъво аризаси киритди, суд жараёни кетмоқда, қарор икки ҳафта ичида чиқарилади. Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук Қирғизистонга келганида ҳам биз бу масалани кўтарган эдик”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг 11 ойи давомида Россия ҳудудлари хорижий фуқароларни маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш учун авиачипталар харидига 828,5 миллион рубль йўналтиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси