Қирғизистон пойтахти ўзгариши мумкин
Олам
−
13 Октябрь 13173 2 дақиқа
Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳридан Манасга кўчирилиши мумкин ва бу масала айрим сиёсатчилар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 11 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Қамчибек Ташиев мактаб директорлари билан учрашувда сўз очди.
Унинг таъкидлашича, Манасда қурилиш ва инфратузилма ишлари фаол олиб борилмоқда, бу эса шаҳарни Қирғизистоннинг энг замонавий ва ривожланган масканларидан бирига айлантиришни мақсад қилган.
“Баъзи сиёсатчилар Манас Қирғизистон пойтахтига айланади, деб айтмоқда. Агар бунга лойиқ бўлсак, нега йўқ? Худо хоҳласа, бўлади. Бунинг учун шаҳарни ва халқни тайёрлаш керак, руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиш лозим. Пойтахт бўлиш осон эмас – бунга катта молиявий маблағлар керак. Шаҳарни замонавий кўринишга келтиришимиз керак. Ўзингиз кўряпсиз, қурилиш ишлари ҳамма жойда давом этмоқда”, деган Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, Манас 2026 йилда республика аҳамиятига эга учинчи шаҳар мақомини олади.
Ташиев, шунингдек, шаҳар номининг ўзгартирилишини “стратегик жиҳатдан тўғри қарор” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жалолобод шаҳри расмий равишда Манас деб қайта номланган эди. Тегишли қонунга Президент Садир Жапаров имзо чеккан.
Маълумот учун, Манас – Қирғизистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлиб, Жалолобод вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади. Шаҳар Фарғона водийсида, мамлакат жанубида жойлашган. Аҳолиси 184 минг киши.
Live
Барчаси