Қирғизистон МХДҚ Ташиевдан кейин қай томонга ўзгаради? Жапаров жавоб берди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси кенг ислоҳотларни бошдан кечирмоқда. Айни вақтда мамлакатда тизимни ислоҳ қилиш масаласи жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда. Қандай ислоҳотлар кутилмоқда? Махсус хизмат, баъзилар айтганидек, фақат разведка ва контрразведка билан шуғулланиб, ўзининг классик моделига қайтадими? Бу каби саволларга мамлакат Президенти Садир Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервьюсида сўз очди. 

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажарди. Қолаверса, айрим йўналишлар бўйича уни ортиғи билан бажарди, дейиш мумкин. Ҳолбуки, давлат тирик организм, у доимо ривожланиб, ўзгариб туриши керак. Кеча миллий хавфсизлик олдида бир хил муаммолар турган бўлса, бугун бутунлай бошқача муаммолар турибди.

Ушбу воқеликларни ҳисобга олган ҳолда, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида замонавий таҳдидлар ва глобал ўзгаришларга жавоб берадиган сифатли ислоҳот амалга оширилади. Дунё ўзгармоқда ва шунга мос равишда бизнинг давлат институтларимиз ҳам олдинга силжиши ва янгиланиши керак”, дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари сўзида давом этаркан, мамлакатда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш жараёнида махсус хизматнинг айрим вакиллари шахсий манфаатларини кўзлаб, Ташиев номи билан ниқобланиб, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани масаласига ҳам тўхталган. 

“Бизда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётганларни, ким бўлишидан қатъи назар, “пардозлаш”деган тушунча йўқ. Давлат халққа хизмат қилишда қонунни ҳамма нарсадан устун қўяди. Бу тамойил яқин қариндошларимиз ва яқин кишиларимиз ҳақида гап кетганда ҳам қўлланилган”, дейди Жапаров.

Президентга кўра, қонун ҳар доим амалда бўлган ва бундан кейин ҳам амалда бўлади. Ҳеч бир давлат хизматчисига қонунни бузишга ёки шахсий манфаатларини кўзлаб бирон-бир хатти-ҳаракат содир этишга йўл қўйилмайди. 

“Агар махсус хизмат ёки бошқа давлат органларининг айрим вакиллари қонун доирасидан ва ваколат доирасидан четга чиққан ҳолатлар аниқланса, улар албатта текширилади ва жавобгарликка тортилади. Қонун олдида барчамиз тенгмиз”, дейди у. 

Ташиев истеъфоси

Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.

Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади. 

2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.

Жапаров ва Ташиев тандеми

Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.

Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.

2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.

Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.

Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Садир Жапаров Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг