Қирғизистон Конституциявий суди Жапаровга рад жавоби берди

Олам

image

Қирғизистон Конституциявий суди болалар зўрланиши ва зўрлаб ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазосини қайта жорий этишнинг имкони йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Суд матбуот хизматига таяниб, “24.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, Конституциявий суд таклиф қилинаётган тузатишлар асосий қонуннинг яхлит тизими, конституциявий тузумнинг пойдевори бўлган фундаментал инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлатнинг демократик характерига қандай таъсир қилишини баҳолайди. Шунингдек, ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларига мос келиши ҳам муҳим ҳисобланади.

“Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида белгилайди. Уларни таъминлаш кафолатлари конституциявий тузумнинг асосини ташкил этади ва асосий қонунга киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришларнинг чегараларини белгилайди. Шу боис, инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай тузатишлар уларнинг тизимли табиатини, шунингдек, уларнинг бутун конституциявий моделга таъсирини ҳисобга олиши керак”, дейилади хабарда. 

Суд “орқага қайтиш тамойили”ни ҳам эслатиб, инсон ҳуқуқлари кафолатларининг даражасини пасайтиришга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган. Чунки уларнинг барқарорлиги ва изчиллиги инсон қадр-қимматининг устуворлигини таъминлайди.

Шунингдек, ўлим жазосини тақиқлаш ва ҳаётнинг устувор қадрият сифатида эътироф этилиши нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий ва тамойилий аҳамиятга эга экани қайд этилган. 

Суд Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларини ҳам эсга олган. Венада тузилган халқаро шартномалар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, давлат ички қонунларини шартномани бажармаслик учун асос сифатида кўрсата олмайди. Шартнома фақат қатъий белгиланган ҳолларда бекор қилиниши ёки тўхтатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўлим жазоси тарафдори эканини билдирган эди. Жапаровнинг бу қарорга келишига ўсмир Ойсулув Мукашеванинг ваҳшийларча ўлдирилиши сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ойсулув Мукашева тушда Барскаун қишлоғидан Қоракўл шаҳрига жўнаб кетиб, бедарак йўқолган эди. 29 сентябрь куни унинг жасади узоқ дара яқинидаги Жал-Ариқ ҳудудидан топилган, у ерда қиз зўрлангани ва ўлдирилгани аниқланган. Гумонланувчи Бишкекда қўлга олиниб, қамоққа олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим жазоси Садир Жапаров Конституциявий суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг