Қирғизистон Исроилни халқаро ҳуқуққа риоя этишга чақирди
Олам
−
07 Ноябрь
2161Қирғизистон Исроилни Яқин Шарқ масаласида халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларига риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров кеча, 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилишида сўз очди.
У Қирғизистон Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ва БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ учун икки давлат” тамойилига содиқлигини айтган.
“Биз Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларига, жумладан, тинч аҳоли ва инфратузилмани ҳимоя қилиш мажбуриятларига риоя қилишга, гуманитар ёрдамдан тўсқинликсиз фойдаланишни таъминлашга чақирамиз”, деган Жапаров.
Қирғизистон раҳбари, шунингдек, расмий Бишкек Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш, мустақил давлат барпо этиш ва БМТга тўлақонли аъзо бўлиш ҳуқуқини тан олиши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Фаластинда ҳар куни аёллар ва болаларнинг ҳалок бўлиши, тинч аҳолининг оғир жисмоний ҳамда маънавий азоб-уқубатларга дучор этилиши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, ТДТ саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исроилнинг UNRWA фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни қоралаганди. Ўзбекистон етакчисининг айтишича, мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир. Шунингдек, у кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид билдирди.