“Қирғинни шунчаки кузатиб бўлмайди”. Туркия Исроил билан савдо алоқаларини узди
Олам
−
03 Май
6438Туркия Исроил билан ҳажми 9,5 млрд долларга тенг барча савдо алоқаларини узди. Ушбу маълумотни Тель-Авив ҳам расман тасдиқлади.
"Исроилнинг фаластинликларга нисбатан геноцидини қабул қилиб бўлмайди. ЦАХАЛ 40-45 минг тинч аҳолини ўлдирди. Биз мусулмон ўлароқ ушбу қирғинни шунчаки кузатиб туришимизнинг имкони йўқ. Чора кўришга мажбур бўлдик ва керакли қадамни ташладик", деган Эрдўған Истанбулдаги матбуот анжуманида.
Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац ҳам буни тасдиқлади. У бунга жавобан Эрдўғанни айблаган.
"Турк халқи ва ишбилармонлари манфаатларини менсимай, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдирадиган диктатор ўзини айнан шундай тутади", деб ёзган вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат аллақачон ўз қўли остидагиларга Исроил маҳсулотлари учун муқобил харидорлар топишга кўрсатма берган ва айни вақтда Туркия маҳсулотлари ўрнини босувчи манбалар ҳам қидирилмоқда.
Туркия савдо вазири Умар Болатнинг таъкидлашича, Исроил билан музлатилган савдо алоқалари Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмагунича тикланмайди. Бу қийин қарорга сектордаги гуманитар фожиа оғирлашаётгани ҳамда Исроилнинг муросасиз позицияси сабаб келинган.
"Жума кунидан бошлаб Туркия ўз маҳсулотларининг Исроилга экспортини ва Исроил маҳсулотлари импортини тўлиқ тўхтатди", деган у.
LiveБарчаси