Қибрайда яширин тарзда электрон сигарет ишлаб чиқарганлар ушланди
3-саҳифа
−
17 Май
3041Тошкент вилояти Қибрай туманида электрон тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “B.S” МЧЖга қарашли савдо шохобчаларда тегишли ҳужжатлари бўлмаган турли номдаги тамаки ва электрон тамаки маҳсулотлари сотувга қўйилгани аниқланиб, ушбу савдо нуқталаридан умумий баҳоси қарийб 12 млрд сўмлик 144 567 қути тамаки, шундан 56 225 дона электрон тамаки, 25 714 дона электрон тамаки суюқликлари, 10 668 дона электрон тамаки чекиш ускунаси ҳамда 3 800 дона кальян ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, ушбу тамаки маҳсулотларининг келиб чиқиш манбасини аниқлаш мақсадида давом этган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Қибрай тумани “Ҳайдаробод” МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода 3 нафар фуқаро инсон саломатлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган электрон тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этганликлари фош этилган.
Яширин цехни кўздан кечириш жараёнида умумий баҳоси 500 млн сўмлик яъни 2 175 дона электрон тамаки суюқликлари, 2 дона 250 килограммлик идишда глицерин ва гликол кислотасига ўхшаш суюқликлар, турли номдаги 42 та ўрамда электрон тамаки ёрлиқлари, электрон тарози, турли ҳажмдаги ўлчов идишлари, ҳуш бўй таъм берувчи ароматизаторлар, қадоқлаш ускуналари, 567 дона тайёр электрон тамаки ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) ва 1861-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг “Миндонобод” маҳалласидаги уйлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш учун ташкил этилган нарколаборатория аниқланганди.
LiveБарчаси