Қибрай туманига кириш-чиқиш тўхтатилди
Жамият
−
27 Май 2020
12025Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Қибрай тумани карантинга ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотга аниқлик киритиш учун Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ вакили Рустам Асқаров билан боғландик.
Рустам Асқаровнинг маълум қилишича, Қибрайда аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинган бемор аниқлангани учун, туман “қизил” тоифали ҳудудлар қаторига киритилган.
“Шу муносабат билан Қибрай туманига кириш-чиқиш нуқталарида постлар ташкил қилинди. Тошкент шаҳридан Қибрай туманига ўтилувчи ТошГРЭС, ТТЗ, “Наврўз”, “Улуғбек” блок-постларида назорат кучайтирилиб, транспорт воситаларининг оқимини камайтириш ва ортга қайтариш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Қибрай тумани қизил ҳудудга киритилгани учун Республика махсус комиссиясининг 23-сонли баёнига кўра, ушбу ҳудудда транспорт воситаларига маълум вақтларда ҳаракатланишга рухсат этилади. Яъни, эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача, кечки пайт соат 17:00 дан 20:00 гача озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон олиш учун транспорт воситасидан фойдаланиш мумкин. Бемақсад транспорт воситасида ҳаракатланиш тақиқланади”, дейди Рустам Асқаров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 8 майидан Ўзбекистонда туман ва шаҳарлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилди.
Аммо кейинроқ “яшил” тоифага киритилган ҳудудларда ҳам коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқлана бошлагач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда махсус комиссияга ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқишни топширди.
LiveБарчаси