Қаззофий Назарбоевга СССР ядро қуроллари учун “ёғли” таклиф бергани маълум бўлди
Олам
−
17 Июль 2021
13633Фаластиннинг собиқ раҳбари Ёсир Арофат СССР қулаганидан сўнг, Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий номидан Қозоғистонга Совет ядро қуролини сақлаб қолиш учун 20 млрд доллар таклиф қилган. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев “Қозоқ: олтин одам тарихи” номли фильм учун берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Биз дунёдаги тўртинчи ядро қуроллари жамланмаси соҳибига айланиб қолгандик. Менинг олдимга мурожаат билан кела бошлашди — Маргарет Тэтчер (1979 –1990 йилларда Буюк Британия Бош вазири), Жеймс Бейкер (1989 – 1992 йилларда АҚШ давлат котиби). Уларнинг бари келиб, сўрашди: “ ракеталар нима бўлади, нима қиласиз?”, дейди Назарбоев ўтган асрнинг 90-йилларини эслаб.
Элбошининг таъкидлашича, Қозоғистоннинг амалдаги Президенти, 1994-1999 йилларда Ташқи ишлар вазири бўлган Қосим-Жомарт Тўқаев ўша вақтда қатор ислом давлатларидан Назарбоев номига хат олган. Унда Қозоғистон ядровий қуролга эга ягона Ислом давлатига айланган, уни сақлаб қолиш кераклиги айтилган.
Шундан сўнг, Фаластин миллий маъмуриятининг раиси Ёсир Арофат республикага келган, дейди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти.
“Мен дўстларингиз номидан келдим. Уни ядровий қуроллар билан боғлиқ вазиятдан бохабар бўлиш учун Муаммар Қаззофий юборган эди. Албатта, менда бу қуролларни сотиш фикри йўқ эди. Мен шунчаки айтдим: уларнинг таъминоти жуда қиммат, Қозоғистон дош беролмайди. “Қанча пул керак?”, деди Арофат. Мен ўшанда пулнинг миқдори ҳақида тасаввурга эга эмасдим, айниқса, долларда. Шунда, ҳазиллашиб, осмондан келдим ва 20 миллиард дедим. Шунчаки айтдим. Мен буни ҳазил, деб ўйлаган эдим”, дея Назарбоев Арафот билан суҳбатини ёдга олган.
Элбошининг қайд этишича, Фаластин раҳбари бунга жиддий муносабат билдирган, “мен бераман, сизда шу пул бўлади”, дея жавоб қайтарган. Аммо Назарбоев бундай нияти йўқлиги учун пулларни олмаганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, СССР парчаланганда Қозоғистонда 126 та ядровий қурол бўлган. Мамлакатда ядровий арсенал ҳажқми бўйича АҚШ, Россия ва Украинадан кейин тўртинчи бўлган. Якунда эса Қозоғистон ва Украина ўз ядровий қуролларини Россия Федерациясига топширган.