Қайлиғим “Моссад” агенти эмас – Дуров
Олам
−
10 Октябрь
8259Теlegram асосчиси, россиялик дастурчи Павел Дуров қайлиғи Юлия Вавилованинг “Моссад” агенти экани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Бу ҳақда у ўзининг Теlegram-каналида маълум қилди.
Дуров жорий йилнинг 27 август куни у Париждаги полиция бўлимида бўлгани, бу пайтда унда ҳеч қандай қурилма ёки интернетга кириш имкони бўлмаганини ёзган. Қайд этилишича, бу унинг ҳибсхонадаги учинчи куни эди. Полиция бўлимида тергов қилинаётган Дуров адвокатидан қайлиғи Жулиянинг терговга келиш-келмаслиги ҳақида сўраган.
Адвокат эса аниқ жавоб бермаган. Павел Дуров эса сал туриб Вавилованинг ҳомиладорлигини билган. Полиция уни қўйиб юборгач, Юлияга “Моссад” агенти сифатида қаралаётгани ҳамда унга бу масала бўйича босим ўтказилаётганини билган.
“Яхшиямки, эртаси куни кечки пайт мени қўйиб юборишди. Юлия қолган уйнинг томи тепасига чиққанимда, рўпарамда ажойиб салютлар отилди. Ўша пайт Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими эндигина бошланган эди. Аммо кайфиятим байрамона эмас эди. Йўқлигимда Юлияга бўлган босим мени ақлдан оздирди. Баъзи блогерлар уни “Моссад агенти” деган миш-мишлар тарқатибди. Қурилмалари мусодара қилингани учун у бир неча ҳафта давомида Telegram ва Instagram’даги аккаунтларига кира олмади. Унинг ижтимоий тармоқларда анча вақт жим туриши янада кўпроқ миш-мишларни келтириб чиқарди. Унга қаратилган кибербуллинг миш-мишларни кучайтириб юборган”, дея ёзган у.
Шу тариқа Дуров қайлиғи – Юлия Вавилованинг душманлик кайфиятидан йироқлигини билдириб, унинг “Моссад” агенти сифатида талқин этилган хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини айтган.
“Юлия мендан фарқли ўлароқ, душманликка ўрганмаган. У уруш учун яралган эмас”, дейди Дуров.
Дуровнинг севгилиси Юлия Вавилованинг ёзишига қараганда, унинг 10 ҳафталик ҳомиласи тергов жараёни ҳамда унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали қилинган кибербуллинг ортидан нобуд бўлган.
Маълумот учун, 39 ёшли Павел Дуров 24 август куни Ле Бурже аэропортида шахсий самолётидан тушган вақтида қўлга олинган эди. У мессенжердаги ноқонуний контентни қасддан тартибга келтирмаганликда айбланган.
28 август куни Дуров Париждаги ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланган ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриш шарти қўйилган. Унга нисбатан бир нечта жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар орасида ноқонуний фаолият олиб бориладиган платформани бошқариш, расмийлар томонидан сўралганда маълумот беришдан бош тортиш, пул ювишда иштирок этиш, болалар жинсий жиноятлари, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Теlegram асосчиси Павел Дуров 2018 йилдан бери мессенжер кўпчилик мамлакатлардаги махфийлик сиёсатига кўра, жиноятчиларнинг IP манзиллари/телефон рақамларини расмийларга ошкор қила олишини маълум қилди. Дуровнинг сўзларига кўра, @transparency боти фойдаланувчининг маълумотлари учун қайта ишланган (ҳукумат) сўровлар сонини кўрсатиб беради.
Унинг таъкидлашича, компания Бразилияда 2024 йилнинг 1-чорагида (январь-март ойлари) 75 та, 2-чоракда 63 та ва 3-чоракда 65 та юридик сўровлар бўйича маълумотларни ошкор қилган. Бозордаги энг йирик кўрсаткич Ҳиндистонда 1-чоракда 2461 та, 2-чоракда 2151 та ва 3-чоракда 2380 та юридик сўров қондирилган. Шунингдек, Европада ҳам 3-чоракда қабул қилинган қонуний сўровлар сони кўпайиши кузатилган.
LiveБарчаси