Қатар компаниялари Ўзбекистонда 12 млрд долларлик лойиҳаларда қатнашади
Жамият
−
06 Июнь 2023
6474Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокараларида келишилган.
Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини бир неча баробарга ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёр эканлини таъкидлаган.
Қайд этилишича, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форумини ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилган.
Шунингдек, Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилган.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлигини қайд этган.
Музокаралар чоғида маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шу жумладан биргаликда маданият кунлари, концерт дастурлари, кўргазмалар, ҳунармандчилик ва пазандачилик намойишларини ўтказишга келишиб олинган. Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши таъкидланган.
LiveБарчаси