Қатар Исроилнинг мактабга берган зарбасини тергов қилишга чақирмоқда
Олам
−
10 Август
3261Қатар расмийлари Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ғазо шаҳридаги ат-Табийин мактабига берган зарбасини қоралади ва Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги мактаблар ва кўчирилган одамлар учун бошпаналарга уюштирган ҳужумлари борасида халқаро тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда амирлик Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.
Қатар исроиллик ҳарбийларнинг Ғазонинг шарқида кўчирилганлар бошпана топган мактабга уюштирган ҳужумини кескин қоралади. Доҳа исроилликларнинг кўчирилганлар жойлашган мактаблар ва бошпаналарга ҳужумлари билан боғлиқ фактларни аниқлаш учун БМТ экспертлари иштирокида шошилинч халқаро текширув ўтказишга чақирди.
Исроил ҳаво кучларининг ат-Табийин мактабига берган зарбаси Саудия Арабистони томонидан ҳам қораланган. Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги аҳолиси гуманитар инқирозда яшаётган Ғазо секторида “жамоавий репрессиялар”ни тўхтатишга чақирди.
10 август куни эрталаб Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазодаги ат-Табийин мактабида жойлашган ҲАМАС штаб-квартирасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, ушбу штаб исроиллик ҳарбийларга қарши ҳужумларни режалаштириш ва амалга оширишда иштирок этган.
ҲАМАС Исроил тинч аҳоли манзилларига ҳужум қилиш учун “баҳона ўйлаб топаётганини” айтди ва ЦАХАЛнинг даъволарини ёлғон деб атади.
Ғазо сектори фуқаролик мудофааси хизматининг “Al Jazeera” телеканалига берган сўнгги маълумотларига кўра, отишмада камида 93 киши, жумладан, 11 бола ва 6 аёл ҳалок бўлган.
Ўз навбатида, Ғазо сектори ҳукумати матбуот хизмати мактабнинг ўққа тутилиши оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди.
LiveБарчаси