Қашқадарёдаги заҳарланиш: оила бекаси вафот этди, ота ва катта ўғил – комада

Жамият

image

Қашқадарёда бир оиланинг 7 аъзоси “Ботулизмга гумон” – овқатдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани, улардан оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар берган эдик. 

Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан кеча, 18 ноябрь куни соат тахминан 08:00 атрофида мазкур оила бекаси Ю.У. вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, кўрсатилаётган малакали тиббий хизматга қарамасдан айни пайтда ота ва катта ўғилнинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда. Улар сунъий нафас олдириш аппаратида сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси” ташхиси қўйилган эди. 

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган, оиланинг барча аъзолари комада эканлиги ҳақидаги хабарлар эса асоссиз. Шифокорлар беморлар ҳаёти учун курашмоқда. Айни пайтда оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли”, дейилади хабарда. 

Эпидемологик суриштирув давомида ва беморларнинг бир ҳафталик таомномаси ўрганилганида қуйидагилар аниқланган:

Беморлар жорий йилнинг 13 ноябрь куни кечки пайт соат 17:00 да Н.Ҳ.нинг хонадонида ош билан уч литрли шиша банкада уй шароитида тайёрланган помидор консерва маҳсулотини истеъмол қилишган. Эртаси куни эрталаб соат 08:30 ларда уларнинг барчасида кўнгил айниши, ҳолсизланиш, қайт қилиш каби касаллик аломатлари пайдо бўлган. Сўнг беморлар шу куни туман юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилишган.

Беморнинг хонадони ўрганилганда уй шароитида тайёрланган турли ҳажмдаги 13 дона консерва маҳсулоти тегишли тартибда истеъмолдан олиниб, йўқ қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

овқатдан заҳарланиш

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг