Қашқадарёда ўқитувчи ўқувчини уриб, бурнини қонатди
3-саҳифа
−
09 Октябрь
8687Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 33-мактаб ўқувчиси калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, бугун, 9 октябрь куни Шаҳрисабз туман 33-умумий ўрта таълим мактабида соат 10:30 лар атрофида мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси У.С.(аёл киши) 5-"б" синф ўқувчиси М.П.га мактабдаги "бошқа ўқувчиларга ҳурматсизлик қилма" деб таъкидлагандан сўнг, ўқувчи инглиз тили ўқитувчисини ҳақоратлашга уринган.
“Шундан сўнг, мактаб ўқитувчиси У.С. ўқувчи М.П.ни маънавият хонасига олиб боришга уринганда қўли бехосдан ўқувчи бурнига тегиб кетганлиги оқибатида бурун соҳасидан қон келиши ҳолати юзага келган. Шундан сўнг, ўқувчи М.П. онасини мазкур таълим ташкилотига олиб келган ва ўқитувчи У.С. ҳамда М. П.нинг онаси ўртасида жанжал содир этилган”, деб изоҳ берди мактаб маъмурияти.
Ҳолат юзасидан мактаб директори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Ҳозирда ўқитувчи У.С. мурожаати Шаҳрисабз туман ИИБ масъуллари иштирокида атрофлича ўрганилмоқда.
Мазкур ҳолатни Болалар омбудсмани ҳам ўрганмоқда.
“Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, жорий йилнинг 9-октябрь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 33-сонли умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси 5-синф ўқувчиси (2013-йилда туғилган ўғил бола) M.П.нинг синфдошларига гўёки ноўрин гапларини айтганини эшитиб, боланинг юзига урган. Вояга етмаган М.П. тиббий кўрикдан ўтказилиб, унда қулоқ, бурун ва юз соҳасида жароҳат аниқланган”, дейилади Болалар омбудсмани хабарида.
Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.