Қашқадарёда табиатга 6 млрд сўм зарар етказилди
3-саҳифа
−
22 Июль
9028Қашқадарёда табиий қум қазиб олиниши оқибатида табиатга 6 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Қамаши тумани “Сарбозор” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қашқадарё” дарёсида олиб борилган рейд давомида дарё ўзанидан ноқонуний тарзда табиий қум қазиб олинганлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, бир ҳолатда 1743,7 метр куб табиий қум қазилган ва табиатга 2 миллиард 615 миллион 550 минг сўмлик зарар етказилган. Иккинчи ҳолатда эса 2465 метр куб табиий қум қазиб олингани ва табиатга 3 миллиард 697 миллион 500 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар айбдорларни аниқлаш, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилган.
Маълумот учун, 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Бу даврда қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олганларга жиноят иши қўзғатилганди.
LiveБарчаси