Қашқадарёда МИБ ходимларини калтаклаган эркак қамалди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида Мажбурий ижро бюроси ходимига қаршилик кўрсатган фуқаро 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда МИБ Қашқаларё вилояти бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, МИБ Чироқчи туман бўлими бошлиғи ўринбосари ва 3 нафар давлат ижрочиси ўтган йил 28 октябрда Фуқароли ишлари бўйича Чироқчи туман судининг ижро варақасига асосан даъвогар А.Чўллиевнинг фойдасига 113 млн 330 минг қарздорликни ундириш мақсадида жавобгар А.Мардоновнинг яшаш уйига борган. Қарздорликни ундириш мақсадида унинг ҳовлисида турган бир бош отни хатламоқчи бўлишганида, қарздор А.Мардоновнинг акаси Ж.Мардонов хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган. Фуқаро уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, дастлаб давлат ижрочиси  М.Хуррамовни, сўнгра уларни ажратиш мақсадида келган давлат ижрочиси У.Хидировни уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, жиноят иши судга юборилган.

Жорий йилнинг 14 январь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Ж.Мардонов ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини, келгусида бундай жиноятга қўл урмаслигини, оилавий ва моддий шароити оғир эканлигини билдириб, ўзига нисбатан енгиллик берилишини сўраган. 

Суднинг шу кундаги ҳукмига кўра, Ж.Мардонов Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

МИБ

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг