Қашқадарёда катта миқдордаги валютани ноқонуний сотаётганлар қўлга олинди
Жамият
−
19 Июнь 2019
4054Қашқадарёда ноқонуний валюта савдосига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, хориж валютасининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи Қарши шаҳрида туғилган Азамат Норов 21 400 АҚШ долларини 8550 сўмдан ҳисоблаб, 182 миллион 970 минг сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, Норов ушбу валютанинг 1400 АҚШ долларини ўзининг таниши Элдор Бекқуловдан олган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Бекқуловнинг “Жентра” русумли автомашинаси кўздан кечирилганда, унинг салонида 28 минг 600 АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм борлиги аниқланди.
Норов ва Бекқуловдан жами 50 минг АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм пул ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.