Қашқадарёда қум маҳсулотларини ноқонуний қазиган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
15 Март
5684Қашқадарё вилоятида қурилиш маҳсулотларини ноқонуний равишда қазиган фуқаролар аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тегишли ташкилотлар ва Қашқадарё вилояти экология бошқармаси томонидан Қарши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида рейд тадбирлари ўтказилган.
Рейд давомида дарё қирғоғидаги муҳофаза минтақасида фуқаро Ф. К. ноқонуний тарзда табиий қум маҳсулотларини ўз эҳтиёжлари учун маълум бир ҳақ эвазига қазиб олиб кетаётганлиги аниқланган. У бунинг учун 1 дона “Doosan Solar 300LS-V” русумли экскаватор ва "KamAZ" русумли юк ташувчи транспорт воситасидан фойдаланган.
Мазкур ҳолатда табиатга етказилган зарар 19 млрд 433 млн 914 минг 337 сўмга баҳоланган.
Бундан ташқари, мазкур ҳудудда фуқаро Р. Қ. томонидан 1 дона экскаватор, "Schackmann" ва "KamAZ" русумли юк машинаси ёрдамида табиий қум маҳсулоти ноқонуний тарзда қазиб олинаётганлиги аниқланди. Бу ҳолатда табиатга етказилган зарар миқдори 22 млрд 155 млн 780 минг сўмни ташкил қилган.
"Қонун бузилиши юзасидан Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси “в” бандига асосан техника воситалари жарима майдонига жойлаштирилди. Шунингдек, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Самарқандда ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинганди.
Райҳона Улканбаева