Қашқадарёда аёл прокуратура олдида ўзини ёқиб юборди
Жамият
−
20 Февраль 2020
13981Жорий йил 19 февраль куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида аёл киши ўзини ёқиб юборгани, уни қутқармоқчи бўлган отаси куйиш тан жароҳати олгани тўғрисида маълумотлар тарқалди.
Бош прокуратура Матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди. Унда қайд этилишича, куйганлиги эътироф этилаётган фуқаро О.М. ва унинг оила аъзолари Косон туманидаги МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисмини бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб, ноқонуний қурилиш амалга оширишган.
Даъвогар МЧЖ раиси С.Б. жавобгар О.М.ни оила аъзолари билан жамиятга қарашли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни жавобгарлар ҳисобидан буздириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилган.
Фуқаро О.М. ва унинг оила аъзолари суд томонидан қонуний қарор қабул қилинишини кутмасдан ушбу ҳолат бўйича вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган.
Вилоят прокуратураси томонидан О.М.га иш фуқаролик судида ҳал этилаётгани, барча важларига суд муҳокамаси жараёнида баҳо берилиши ҳақида қонуний тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, 2020 йил 18 февраль куни ҳам О.М. оила аъзолари билан бирга вилоят прокуратурасида Косон тумани ҳокими иштирокида қабул қилинганда қурилишга 20 млн. сўм сарфланганлигини иддао қилишган. Туман ҳокими томонидан уларга қурилиш ноқонунийлиги ва бузилишини, аммо келгусида қонуний ер участкаси ажратилиши ва қурилишга ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши тушунтирилган бўлса-да, бу таклифни рад этишган.
Шундан кейин, О.М. ва унинг оила аъзолари, низоли уйда 19 февраль куни эрталаб фуқаролик ишлари бўйича судья, эксперт ва мутахассислар томонидан ўлчов ишлари амалга оширилаётганлигидан норози бўлиб, вилоят прокуратурасига соат 10:30ларда келиб, ишни ўз фойдасига ҳал этиш мақсадини кўзлаб, вилоят прокуратураси биноси яқинида устига қисман ёқилғи сепиб, провокацион ҳаракатлар содир этишган.
РШТЁИМ вилоят филиалининг 19 февраль кунги маълумотномасига кўра, фуқаро О.М.нинг елка ва бўйин соҳасида 5-6 фоиз енгил куйиш жароҳати аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.