Қашқадарёда 50 000 сўм учун одам ўлдирилди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида қотиллик жиноятига қўл урилди. Ва, энг ачинарлиси, бу иш 50 000 сўм эвазига амалга оширилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 16 июнь куни тахминан соат 10:20 да Қамаши тумани Ифтихор кўчасида жойлашган “Ҳунарманд” савдо мажмуасидаги дўкон ходими фуқаро А.Л., шу йилнинг 27 апрель куни “REDMI 8A” русумли уяли телефон аппаратини Э.С. га 1 млн 600 минг сўмга сотади. Харидор ундан 250 000 сўм қарздор бўлиб қолади. 

Орадан кунлар ўтиб Э.С. тўланмай қолган 250 000 сўмни бериш мақсадида дўконга келади. А.Л. ундан 300 000 сўм беришини талаб қилиб, у билан ўзаро жанжаллашиб қолади. У Э.С. ни дўкон ташқарисига олиб чиқиб, юзи ва бош қисмига мушти билан бир неча маротаба уради. Оқибатда Э.С. ерга бош қисми билан йиқилиб, тан жароҳати олади ва туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилади. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган тан жароҳатлари натижасида вафот этади.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, Э.С., бош миянинг ёпиқ жароҳати, энса суягининг чизиқли синиши ва бошқа кўринишдаги ҳаёт учун хавфли бўлган “оғир” тан жароҳати олганлиги аниқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Л.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, мазкур жиноятни содир этган шахс 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Қашқадарё

Баҳолаганлар

747

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг