Қашқадарёда 30 ёшли келин қайнотасининг ов милтиғи отилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
26 Сентябрь
13487Қашқадарё вилоятида бепарволик билан сақлаб келинган ов милтиғи отилиб кетиши оқибатида аёл киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Яккабоғ тумани "Ўрта МФЙ"да яшовчи Қ.Н. 2013 йилда ўзига бириктирилган отиш учун яроқли бўлган “Тоз-16” русумли ов қуроли ва унинг ўқларини сақлашда бепарволик қилган. Жумладан, у 2024 йил 22 сентябрь куни ов қуролини Ҳусен қишлоғида жойлашган молхона биноси ёнидаги омборхонада жойлашган сейфга тиқиб қўйишни унутиб, очиқда қолдирган.
Ўша куни соат 14:30 ларда Қ.Н.нинг келини М.Ж. молхонани тозалаш учун кирган ва қуролни сейфга жойламоқчи бўлган. Шу вақтда милтиқ отилиб кетган ва ўқ аёлнинг бошига тегиб уни жароҳатлаган. Оқибатда аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.
Мазкур ҳолатда қурол сақлашда эҳтиётсизлик қилган Қ.Н.нинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлгани учун, 2024 йил 24 сентябрь куни унга нисбатан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 249-моддаси (Қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш, ташиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Қўзғатилган жиноят иши Яккабоғ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.
Мадина Салимова
LiveБарчаси