Қашқадарёда 23 та, Тошкент вилоятида 32 та махсус техника талон-торож қилинган – Президент

Жамият 13097
image

Сўнгги уч йилда чиқиндиларни бошқариш соҳасига бюджетдан ажратилган 390 миллиард сўм ҳисобига 742 та махсус техника сотиб олинган, 204 та полигон модернизация қилинган. Бу ҳақда Президент раислигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда таъкидланди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада муаммолар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Избоскан, Ғузор, Чуст, Бувайда, Ургут ва Шаҳрихон туманларида тозалаш хизмати қамрови республика кўрсаткичидан 2 баравар паст. Тошкент вилоятида бюджет ҳисобидан олинган 32 та, Қашқадарёда 23 та махсус техника талон-торож қилинган. “Тоза ҳудуд” корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқори.

“Чиқинди тизимини тартибга солиш – ҳаётимиз, соғлиғимиз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, миллат келажаги билан боғлиқ долзарб масала”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил март ойида ўтказилган йиғилишда соҳадаги ишлар танқид қилиниб, тегишли топшириқлар берилган эди. Бугун уларнинг ижроси кўриб чиқилди, қўшимча вазифалар белгиланди.

Ҳозирда санитар тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этади. Йиғилишда йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 308
Рейтинг: 2.9
t
×