Қарзини сўраган танишини ўлдирган эркак 16 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида қарзини бермай, танишини ўлдирган эркак 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Қайд этилишича, судланувчи 2018 йилда марҳумнинг узумзоридан 10 минг долларлик узум сотиб олган, бироқ келишилган пулни белгиланган вақтда қайтара олмаган. Марҳум ундан кўп бора қарзини тўлашини сўраган.

2024 йилнинг 22 октябрь куни кечки пайт қарздор фермер хўжаликларидан бирининг ерида қўй боқиб юрганида марҳум унинг олдига бориб, яна пулни сўраган. Шунда улар ўртасида тортишув бошланган ва муштлашувга айланган жанжал қотиллик билан якун топган. Судланувчи уни ўлдириш учун болта билан унинг бош қисми, пешана ва энса қисмига ўта шафқатсизларча бир неча маротаба уриб, уни қаттиқ азоблаб, ўлдирган. Сўнгра ҳодиса жойидаги далилларни йўқотиш мақсадида марҳумнинг телефонини захкаш ичига, оёқ кийимларини эса қамишзорлар ичига ташлаб юборган. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек, уйидагилар билан тўйга кетган. Тун ярмида жасадни яшириш мақсадида воқеа жойига қайтиб, уйидан олиб келган белкурак билан чуқурлик қазиб, жасадни кўмган.

Марҳумнинг жасади орадан 22 кун ўтгач, 13 ноябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани судида кўриб чиқилган суд мажлисида айбланувчи айбига қисман иқрорлик билдирган. У Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж”, “и” бандлари билан айбли деб топилди ва 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида амакисининг турмуш ўртоғи ва унинг икки фарзандини ўлдирган йигит умрбод муддатга қамалганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд қарз Бухоро қасддан одам ўлдириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг