Қаршилик “шоввоз” чет эллик тадбиркорни 220 млн сўмга чув туширди

Жамият

image

Қаршида қозоғистонлик тадбиркорни катта миқдордаги пулга чув туширган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Жорий йилнинг сентябрь ойида Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро 35 ёшли Г.Д. чорва моллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Қозоғистон Республикаси фуқароси 44 ёшли Н.Е. билан 40 бош қора молларини ҳар бирини 6,5 млн сўмдан сотиб олишга келишган. Пулларни эса 10 декабрь кунига қадар бўлиб-бўлиб тўлаб беришга ваъдалашган.

15 ноябрь куни Г.Д. Н.Е.нинг 40 бош қора молларини Қозоғистон Республикасидан ўзининг уйига олиб келган. Сўнг 29 ноябрь куни ушбу қора молларни бозорда жами 220 млн сўмга сотиб, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро Г.Д. жиноят иши бўйича ушбу модда билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик Қарши

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг