Қаршида йўлни тўсиб қўйган ҳайдовчилар қамалди

Жамият 11069
image

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида хавфсизлик камарига ёзилган жарималар сабаб йўлни тўсиб қўйган ҳайдовчиларнинг 3 нафари қамалди, 12 нафари эса огоҳлантирилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Гап шундаки, жорий йилнинг 26 май куни Қарши шаҳридаги Транспорт коллежи рўпарасида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари норозилик билдириб, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб, масъулларга мурожаат билан чиққан.

Мазкур воқеадан сўнг, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар органлари ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Аниқланишича, воқеага Қарши шаҳрида яшовчи, хусусий корхонада рўйхатдан ўтиб, киракашлик билан шуғулланувчи 3 нафар фуқаро бошчилик қилган. Ҳолат юзасидан маъмурий иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига юборилган. 

“Суд маъмурий иш материалларини кўриб чиқиб, қоидабузарларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 1-қисми (жамоат тартибини бузиш ҳуқуқбузарлиги)ни содир этганликда айбдор деб топди ва уч нафар ҳайдовчининг ҳар бирига ўн суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, жамоат тартибини бузиш воқеасида қатнашган 12 нафар ҳайдовчи ҳам огоҳлантирилган.

Вилоят ИИБ ҳайдовчилар ва фуқароларга қонунларни билмаслик жавобгарликдан озод этмаслигини эслатиб, улардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб янгиланган Йўл ҳаракати қоидалари кучга кирди. Унга кўра, эндиликда такси ҳайдовчилари хавфсизлик камарини тақишлари шарт. Шунингдек, автомобилларнинг олд ўриндиқлардаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақишлари керак.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 2.9
t
×